Abstract
Чоризм истилосининг оқибатлари чорвачиликка салбий таъсир этгани ҳолда деҳқончиликни ривожлантиришда, қолаверса шаҳар ҳаётини анчагина тараққий топтиришда кўринди. Шуниси ҳам борки, шаҳарлар, ҳатто руслар асос солган шаҳарлар аксарият ҳолларда аҳоли таркибига кўра соф рус шаҳарларига айланмади. Туркистоннинг асосий вилоятлари бўлмиш Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида руслар асосан эски шаҳарга янги рус қисми тарзида қўшилдилар. Шу зайл эски шаҳар ёки осиёликлар шаҳри билан қўшилиб, бир бутун шаҳарни ташкил этди. Фарғона забт этилганидан кейин вилоят шаҳрини барпо этиш учун мавжуд шаҳарнинг ёнидан, унга туташ эмас, маълум оралиқда, вилоятнинг асосий шаҳри Қўқондан ҳам, каттагина шаҳар сифатида танилган Марғилондан ҳам маълум оралиқда барпо этилди ва унга «Янги Марғилон» деб ном берилди. Бу шаҳар 1907 йилда Скобелев (ҳозирги Фарғона) номини олди. Шаҳар аҳолисининг кўп қисмини руслар ташкил этди. Хусусан 1911 йилда ундаги 11 минг аҳолининг 7 минги руслар эди. Жой танлаш осон кечмади, бунинг учун дастлаб эски Марғилонга яқин, ана шу шаҳар билан Ёрмозор қишлоғи орасидаги жой танланди. Маҳаллий аҳоли яшайдиган шаҳарга туташ қилиб руслар манзилгоҳини барпо этиш одатидан воз кечилганлигига бир жиҳати санитария шароитлари сабаб бўлди. Қўқондаги номатлуб санитария шароити рус маъмурий марказини вилоят ва хонликнинг эски пойтахти ёнида барпо этиш фикридан воз кечишга сабаб бўлди.
This work is licensed under a Creative Commons Attribution-NonCommercial 4.0 International License.