Abstract
Қарз мажбурияти фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида энг кўп тарқалган ҳуқуқий муносабатлардан бири ҳисобланади. Чунки, қарз фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида ўзаро моддий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш усули бўлиши билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг кенг тарқалган ва бугунги кунда республикамизда кенг қўлланилаётган ҳуқуқий воситалардан биридир. Қарз мажбурияти одатда қарз берувчи томонидан пул маблағлари (айрим ҳолатлард ашёлар)ни қарз олувчига қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб топширишни ифодалайди. Анъанавий қарз мажбурияти фақат олинган суммани қайтаришни назарда тутади. Бироқ қарз мажбурияти ноанъанавий усулларда, яъни бевосита қарз шартномаси тузишдан келиб чиқмаслиги, иккаламчи тус касб этиб бошқа шартномадаги пул мажбуриятини бажармасликдан ҳам юзага келиши мумкин. Шу боис қарз мажбурияти қарз шартномаси доирасидан четга чиқади ҳамда пул маблағларини қайтариш ва тўлаш билан боғлиқ ҳар қандай мажбуриятни қамраб олади. Бир сўз билан айтганда қарз мажбурияти вақтида тўланмаган ёки қайтарилмаган суммани, шунингдек тўлиқ тўланмаган ва қайтарилмаган пул маблағларини ифода этади ва унинг натижасида ҳуқуқшунослик ҳамда одатдаги муомалада қўлланиладиган “қарздорлик” юзага келади. Қарз мажбуриятини таъминлаш эса олинган пул суммаси ёки тўланиши лозим бўлган маблағлар қайтарилишини назарда тутувчи воситаларни ифодалайди. Бунда гаров, неустойка, кафил, кафолат, закалат, ушлаб қолиш каби анъанавий фуқаролик-ҳуқуқий таъминлаш воситалари билан бирга, мажбуриятни муддатидан олдин бекор қилиш, гаров реестрини жорий этиш ва шу каби усуллар орқали амалга оширилади.
This work is licensed under a Creative Commons Attribution-NonCommercial 4.0 International License.